Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Мазмунан янги ва технологик сайловларга старт берилди



26 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ва бир қатор тадбирлари бўлиб ўтди.

Жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловини Конституция ва қонунларга тўла мувофиқ ҳолда юқори савияда ўтказиш кун тартибининг асосий масаласи бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови уларнинг ваколат муддати тугайдиган йил октябрь ойининг учинчи ўн кунлиги биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг ваколат муддати 2024 йилда тугашини инобатга олиб, сайловлар жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилиши ва сайлов кампанияси 26 июлдан бошланиши ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Қайд этиш керакки, ушбу сайловлар Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилаётганлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Мажлисда таъкидланганидек, бу сайловларнинг ўзига хослиги қуйидагиларда намоён бўлади.

Биринчидан, Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади.

Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.

Иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилди. Эндиликда сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.

Учинчидан, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди. Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиши учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.

Тўртинчидан, сайлов Янгиланган Конституция мустаҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтади. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 12 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Мажлисда мазкур сайлов мамлакатимизда демократик давлатчиликнинг ёрқин намунаси, фуқароларимизнинг сайлаш ва сайланиш, давлат органларини демократик тарзда шакллантиришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 56 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Шунга кўра, 30 мингга яқин номзодлар, 90 мингга яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчилар иштироки кутилмоқда.

Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, ушбу жараёнда фуқароларни кенг жалб этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 27 октябрдаги сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилиши эълон қилинди.

Тадбир доирасида сайловнинг технологик янгилиги сифатида ишга туширилган “E-saylov” ахборот тизимининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

“E-saylov” ахборот тизими орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

Ахборот тизими бошқа электрон платформалар билан интеграция қилинган бўлиб, сайловдаги кўпгина тартиб-таомиллар инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шаклланади. Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланишади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.

“E-saylov” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.

Мажлисда қайд этилганидек, “E-saylov” ахборот тизими сайловларни технологик ва очиқлик жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда.

Таъкидлаш керакки, Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга.

Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши ва партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши лозим.

Бундан ташқари, комиссия мажлисида сайловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда босқичма-босқич ўтказилишини таъминлаш юзасидан календарь режа тасдиқланди. Мажлисда таъкидланганидек, Марказий сайлов комиссияси холис ва мустақил конституциявий орган сифатида бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни миллий қонунчилик, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш бўйича барча чораларни кўради. 

Мажлисда шунингдек, Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Матбуот маркази ташкил этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси



  ...