Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон-Туркий давлатлар ташкилоти: умумий туркий меросни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш йўлида



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 июль кунлари Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этади.

Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи остида тузилган. 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон ташаббуси билан минтақавий тузилма номи Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартирилди.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзолари, Венгрия ва Туркманистон эса кузатувчи давлат мақомига эга.

“Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Президенти 2023 йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтган ТДТ саммитидаги нутқида. – 160 миллион аҳолини қамраб олган Ташкилотимиз ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир. Бизнинг мамлакатимиз Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик шериклик алоқалари ўрнатганини катта мамнуният билан айтиб ўтмоқчиман”.

Туркий давлатлар ташкилоти – аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш ва чуқурлаштириш, туркий халқларнинг яқин муносабатлари истиқболларини аниқлаш, ўзаро ишонч, дўстлик, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақа ва бутун дунёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни сақлаш йўлида тузилган платформа ҳисобланади.

Давлатлар умумий манфаатларга эга бўлган ташқи сиёсат масалалари бўйича, жумладан, халқаро ташкилотлар ва халқаро форумлар доирасида келишилган позицияларни биргаликда ишлаб чиқадилар, халқаро терроризм ва сепаратизм, экстремизм, одам савдоси, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиради ҳамда минтақавий ва сиёсий, ҳуқуқ-тартибот, ҳарбий-техник, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, кредит-молия, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни рағбатлантиради.

Ташкилот аъзолари савдо ва инвестиция, товарлар, капитал, хизматлар, технологияларнинг эркин ҳаракатланиши ва молия-банк операцияларини соддалаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, минтақада ҳар томонлама ва мувозанатли иқтисодий ўсиш, ижтимоий-маданий ривожланишга интилиш ҳамда фан-техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштиришда ҳамкорлик қилади.

Туркий давлатлар ташкилотининг олий органи Давлат раҳбарлари кенгаши бўлиб, у тузилмага аъзо мамлакатлар етакчиларининг мунтазам йиғилишлари шаклида фаолият юритади, долзарб халқаро муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқади, ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишларини белгилайди, ташкилот фаолиятини таҳлил қилади. Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши йилда бир маротаба ўтказилади. Аъзо давлатларнинг ташаббуси билан Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдан ташқари ва норасмий йиғилишлари ташкил этилиши мумкин.

Мазкур тузилмадаги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ўз ваколати доирасида Туркий давлатлар ташкилотининг жорий фаолиятини кўриб чиқади ва Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун энг долзарб халқаро масалаларни белгилайди. Шунингдек, Котибиятнинг штат жадвали ва молиявий ҳисоботини тасдиқлайди.

Ташкилот таркибидаги Юқори даражали мансабдор шахслар қўмитаси Котибият фаолиятини мувофиқлаштиради, улар томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларини Туркий давлатлар ташкилоти томонидан қабул қилиниши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгаши даражасида тасдиқланишидан олдин кўриб чиқади ва тасдиқлайди. Туркий давлатлар ташкилоти Юқори даражали мансабдор шахслар қўмитаси йиғилишлари Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлислари олдидан чақирилади.

Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши доимий фаолият юритувчи маслаҳат институти ҳисобланади. Ушбу ташкилотга аъзо ҳар бир давлат таниқли жамоат ва сиёсий арбоблар орасидан Кенгашга биттадан вакил (оқсоқол) тайинлайди. Бугунги кунда Кенгашга Туркия собиқ Бош вазири, Буюк миллат мажлиси депутати Бинали Йилдирим раислик қилмоқда.

Котибият бош котиб бошчилигидаги доимий ижро этувчи орган бўлиб, Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан тасдиқланади. Котибият Истанбул (Туркия) шаҳрида жойлашган.

Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилоти шафелигида бош қароргоҳи Анқарада (Туркия) жойлашган Туркий маданият халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ), бош қароргоҳи Бокуда (Озарбайжон) жойлашган Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА), бош қароргоҳи Остона (Қозоғистон) шаҳрида жойлашган Халқаро туркий академия, бош қароргоҳи Боку (Озарбайжон) шаҳрида жойлашган Туркий маданият ва мерос жамғармаси, асосий қароргоҳи Истамбулда жойлашган Туркий Савдо-саноат палатаси ва Туркий инвестиция жамғармаси фаолият кўрсатади.

2019 йилнинг 19 сентябрь куни Будапешт шаҳрида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилотининг ваколатхонаси ташкил этилди. У ташкилотга аъзо давлатларнинг Венгрия, “Вишеград гуруҳи” мамлакатлари, Европа давлатлари ва Европадаги халқаро ташкилотлар билан муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашади.

Ўзбекистон аввалдан туркийзабон давлатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришнинг фаол иштирокчиси ва ташаббускорларидан бири бўлган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 сентябрь куни Чўлпон-ота шаҳрида (Қирғизистон) бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти VI саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши Туркий давлатлар ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик тарихидаги бурилиш нуқтаси бўлди.

2019 йил 14 сентябрь куни Ўзбекистон Нахичевань битимини ратификация қилди. Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши билан Туркий кенгаш фаолиятидаги бошқа аъзо давлатларнинг фаоллиги сезиларли даражада ошди, бу эса тузилманинг минтақавий ташкилот сифатидаги роли юксалганидан далолат беради.

Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар кенгашининг 2019-2023 йилларда ўтказилган саммитларида ТДТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 58 дан ортиқ амалий ташаббусларни илгари сурди. Бугунги кунга қадар 42 дан зиёд ташаббуслар амалга оширилди ва уларнинг 6 таси якуний босқичда.

Экспертларнинг айтишича, 2022 йил 11 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ саммити Ўзбекистоннинг ташкилотга раислигининг бошланиши бўлиб, бу кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон раислиги даврида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг ташкилотдаги иштироки давомида ўнлаб йирик тадбирлар, жумладан, ТДТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши (2021 йил, июнь), ТДТга аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг 1-йиғилиши ва Тошкентда биринчи Туркий қишлоқ хўжалиги форуми (2022 йил июль), Бухорода Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми (2022 йил, июнь), Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мусо Ал- Хоразмий маданий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманлар, “Ақлли шаҳарлар” соҳасидаги IТ-мутахассислари учун конференцияси ҳамда “IТ-Wеек” ва “InnoWeek.Uz” доирасида Ёшлар стартаплари форуми, “Жадидларнинг маърифий фаолияти: ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва Туркистон тараққиётига қўшган ҳиссаси” халқаро илмий-амалий конференция (2023 йил март), Фарғона шаҳрида “Туркий давлатларнинг темир йўл алоқаси: Фарғона водийси – Анадолу” халқаро форуми (2023 йил апрель), Хавфсизлик кенгашлари котиблари, Оқсоқоллар кенгаши, таълим, соғлиқни сақлаш вазирлари, божхона идоралари раҳбарлари, инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идоралар раҳбарлари, Ўзбекистондаги Туркий университетлар иттифоқи ректорлари учрашувлари, Турк дунёси ёшларининг илм-фан ва инновациялар халқаро Конгресси муваффақиятли ўтказилди.

2022 йилда Қўқон шаҳри “Турк дунёсининг сайёҳлик пойтахти”, Бухоро шаҳри эса “Турк дунёсининг биринчи ёшлар пойтахти” деб эълон қилинди.

Мухтасар айтганда, Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган “Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш” мавзусидаги Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити ва давлатимиз раҳбарининг мазкур тадбирдаги иштироки кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, туркий халқлар дўстлиги ва қардошлигини янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлади.

 

“Дунё” АА



  ...