Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон – ШҲТ: халқлар ва давлатлар тинчлиги ҳамда фаровонлиги йўлидаги ҳамкорлик



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3-4 июль кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг навбатдаги саммитида иштирок этади.

ШҲТ 2001 йилда тузилган минтақавий халқаро ташкилотдир. Ўзбекистон Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон билан бирга ташкилотнинг асосчиларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ШҲТга тўққиз давлат аъзо. Бундан ташқари, уч давлат унга кузатувчи сифатида қўшилди, 14 давлат ташкилот билан мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга. Бу ШҲТнинг ўтган йиллар давомида нуфузи ва халқаро сиёсатдаги роли ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий майдони 34 миллион километр квадратни, яъни Евроосиё қитъасининг 60 фоизини ташкил этади. Аъзо давлатлар аҳолиси 3 миллиардга яқин ёки ер юзи аҳолисининг қарийб 42 фоизига тенг. Шунингдек, ШҲТ мамлакатлари иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг 24 фоиздан ортиғини қоплайди.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, янги демократик, адолатли ва оқилона сиёсий-иқтисодий халқаро тартиб ўрнатишга кўмаклашиш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга, гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ савдоси, трансмиллий жиноятларнинг бошқа турларига биргаликда қарши оқилона курашиш ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади. Аъзо давлатлар, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари асосида турли соҳаларда самарали минтақавий ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

ШҲТнинг асосий органи Давлат раҳбарлари кенгаши бўлиб, у ташкилотнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва фаолиятини ривожлантириш стратегияси, истиқболлари ва устувор йўналишларини кўриб чиқади ва белгилайди. Кенгаш ШҲТ мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган фундаментал хусусиятдаги қарорлар қабул қилади, энг долзарб глобал муаммолар, бошқа халқаро ташкилотлар ва давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларни ҳал қилади ҳамда ташкилот таркибини кенгайтириш тўғрисидаги қарорларни чиқаради. Бундан ташқари, ШҲТ ва ташкилот доимий органларининг тузилиши ва фаолиятининг ички сиёсатининг асосий масалаларини белгилайди.

Тузилманинг бошқа муҳим органлари — булар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши (Бош вазирлар), Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг мажлиси, Миллий координаторлар кенгаши (МКК), Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ), Котибият, Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси кенгашидир.

Котибиятга ШҲТ Бош ижрочи директори бўлган Бош котиб бошчилик қилади ва у аъзо давлатлар фуқаролари орасидан 3 йил муддатга ротация асосида Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан тайинланади. 2022 йил 1 январдан буён ШҲТ Бош котиби вазифасини Хитой Халқ Республикаси вакили Чжан Мин бажариб келмоқда. Бундан аввал ушбу лавозимда Ўзбекистон вакили фаолият юритган.

Шунингдек, ШҲТ Форуми – норасмий мулоқот механизми, мустақил тузилмаси мавжуд бўлиб, у ташкилотга аъзо ҳар бир давлатдан биттадан илмий муассасани ўз ичига олади, миллий тадқиқот маркази мақомига эга. 5 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти форумининг XIX йиғилиши ўтказилди.

Бугунги кунда ШҲТ ўзини тўлақонли ва нуфузли халқаро ташкилот сифатида тўлиқ намоён қилмоқда. ШҲТ платформаси унга аъзо йирик давлатлар – Хитой, Россия ва Ҳиндистон билан тенг ҳуқуқли сиёсий мулоқот ва халқаро ҳамда минтақавий сиёсатнинг кенг кўламли масалалари бўйича фикр алмашишни қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон ШҲТ фаолиятида фаол иштирок этиб, ташкилотга тўрт марта — 2003-2004, 2009-2010, 2015-2016 ва 2021-2022 йилларда раислик қилган.

Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ташкил этилди, Хавфсизлик кенгаши котиблари йиғилишлари формати жорий этилди, ташкилотда кузатувчи мақоми бериш механизми ишга туширилди. Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳам муваффақиятли фаолият юритиб, ШҲТ оиласи доирасида маданиятлараро ва гуманитар мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётир.

2017 йилдан республикамиз ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ташаббускорига айланди. Ўзбекистон Президенти томонидан ўтган йиллар мобайнида ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 91 та ташаббус илгари сурилди. Шулардан 75 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, қолган 16 таси амалга оширилиш жараёнида.

2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 14 та иштирокчи мамлакат етакчилари, кузатувчилар ва меҳмонлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган йиғилиши, экспертларнинг фикрича, ташкилот учун тарихий бўлди. Саммит якунлари бўйича, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги амалий мазмун билан тўлдиришга ёрдам берадиган рекорд миқдордаги ҳужжатлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Самарқанд саммитида ШҲТни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, Эроннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар иши якунланди. Беларусь Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёни бошланди. Баҳрайн, Мальдив ороллари, БАА, Кувайт ва Мьяньма томонидан ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари мақомини олиш тўғрисидаги аризалари қўллаб-қувватланди.

Саммит доирасида ШҲТ ва Араб давлатлари лигаси, БМТнинг ЮНЕСКО ва ЭСКАТО ташкилотлари ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитида Ўзбекистон Президенти сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновациялар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган 16 ташаббусни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда илгари суриладиган янги ташаббуслар аввал эришилган келишувларни амалий амалга оширишга қўшимча туртки беради ва ШҲТ макони халқларининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун ҳамкорлик кун тартибини янги мазмун билан бойитишга салмоқли ҳисса қўшади.

“Дунё” АА



  ...