Шу йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2025-2028 йиллар учун 9 нафар аъзосини сайлаш бўйича сайловлар бўлиб ўтди.
Сайловда Ўзбекистон билан бирга 16 та давлат – Бурунди, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Испания, Камерун, Кот-д'Ивуар, Литва, Марокаш, Парагвай, Корея Республикаси, Шимолий Македония, Того, Хорватия, Эфиопия ва Жанубий Африка вакиллари 9 та ўрин учун кураш олиб борди.
Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистондан номзод, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олди.
Мамлакатимиз вакилининг ИҲҚга сайланиши тарихий воқеадир, чунки Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта БМТнинг ушбу асосий органига аъзо бўлди.
БМТ Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида амалга оширилган аниқ чора-тадбирлар – болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оиладаги зўравонликка қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ижобий натижаларга эришилганини, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги барча масалалар юзасидан очиқ мулоқотга тайёрлигини эътироф этади.
Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли конвенция органига сайланиши мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалар билан конструктив ҳамкорлик қилиш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга содиқлигини намойиш этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш, шунингдек, бу борада илғор тажриба алмашиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси – БМТнинг мустақил экспертлардан иборат органи бўлиб, аъзо давлатлар томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилишини мониторинг қилади. Ушбу пактга 173 та давлат аъзо. Ўзбекистон ушбу халқаро ҳужжатга 1995 йилда қўшилган. Қўмита фаолияти инсоннинг барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.