Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

WADA Ўзбекистон антидопинг агентлиги фаолиятини юқори баҳолади



Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) 2023 йил декабрь ойидаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги дунёнинг 206 давлати орасида энг кучли гуруҳдан ўрин олди.

WADA томонидан 206 та давлатдаги Миллий антидопинг ташкилотларининг фаолияти 4 гуруҳга (1-гуруҳ юқори, 2-гуруҳ яхши, 3-гуруҳ қониқарли ва 4-гуруҳ қониқарсиз) бўлинган ҳолда баҳолаб борилади. Шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон антидопинг соҳасида ёш мамлакат бўлишига қарамай 1-гуруҳ, яъни фаолияти юзасидан юқори натижалар қайд этган мамлакатлар қаторидан жой олди. Бу гуруҳдан МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистон, Беларусь, Россия ва Қозоғистон жой олган бўлса, Озарбайжон, Арманистон, Қирғизистон 2-гуруҳдан, Тожикистон, Туркманистон ва Молдова эса 3-гуруҳдан ўрин олди.

Бутунжаҳон антидопинг агентлиги Кодекси талабларини ўз вақтида бажариш, яъни спортчи, шифокор ва мураббийларни антидопинг соҳасидаги билимларини ошириш, допинг синамасидан ўтиш ҳамда Халқаро тоифадаги допинг офицери ва суриштирув-офицерлари мавжудлиги ва энг асосийси мувофиқлик даражаси берилишига қараб гуруҳлар бўлинади.

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Бутунжаҳон антидопинг Кодексининг мувофиқлик назоратидан 2023 йил II чорагида муваффақиятли ўтган Миллий антидопинг агентлиги ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан номувофиқ деб топилган мамлакатларга нисбатан санкциялар қўлланилади. Cанкциялар Кодекс талабларига тўлиқ, қисман ёки умуман мос келмаслик турларига қараб фарқ қилади. Мисол учун, мамлакат номидан халқаро мусобақаларда иштирок этмаслик, иштирок этган тақдирда мамлакат байроғи кўтарилмаслиги каби жазо турлари мавжуд.



  ...