Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон сайёрамизни асраб-авайлаш, келажак авлодларга талафотларсиз етказиш тарафдори



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюради ва Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси (COP-28) доирасидаги Иқлим ўзгаришларига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича жаҳон саммитида иштирок этади.

Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад глобал иқлим ўзгариши, унинг оқибатларига қарши курашиш, Париж келишуви қабул қилингандан кейин эришилган ютуқларни баҳолаш ва сарҳисоб қилиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Саммит дастуридан давлат ва ҳукумат раҳбарлари учун юқори даражадаги учрашувлар, озиқ-овқат, энергетика, ёшлар ва таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, сув, иқлимни молиялаштириш ва COP-28ни амалга оширишга бағишланган тадбирлар ҳамда давра суҳбатлари ўрин олган.

Анжуманда 150 дан ортиқ мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар даражасидаги делегациялар, халқаро тузилмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, экспертлар, илмий ва жамоат доиралари вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, у дунёнинг деярли барча давлатларини қамраб олган. Киото протоколи ва Париж келишуви БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асослари ва ривожланиши бўйича қабул қилинган ҳужжатлардир.

Ўзбекистон 1993 йил 20 июнда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясига қўшилган, 1999 йилда Киото протоколини ратификация қилган. 2017 йилда Париж битимини имзолаш орқали Ўзбекистон бир қатор мажбуриятларни, жумладан, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги даражадан 35 фоизга камайтириш бўйича асосий мажбуриятларни ўз  зиммасига олди.

БМТ ҳадли конвенциясининг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон иқлим бўйича мунтазам ҳисоботларни тайёрлайди ва Конвенция котибиятига тақдим этади. Шунингдек, миллий маъруза, икки йиллик ҳисоботлар, мослашиш режалари, миллий миқёсда белгиланган бадалларни ишлаб чиқади ва янгилайди.

Айни пайтда иқлим ўзгариши бўйича Ўзбекистоннинг сўнгги беш йилдаги иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги фаолиятини акс эттирувчи Тўртинчи миллий маърузасини тайёрлаш ишлари якунланмоқда.

Бугунги кунда дунё иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва сайёрамизнинг ифлосланиши оқибатларига дуч келаётган, Марказий Осиё минтақаси эса глобал исиш оқибатларини тобора кўпроқ ҳис қилаётган бир пайтда Ўзбекистон атроф-муҳит, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқди.

Хусусан, Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал этиш, биохилма-хилликни сақлаш ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қатор концептуал ҳужжатлар тасдиқланди. 2030 йилгача «Яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегия, 2030 йилгача Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2028 йилгача Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси, 2028 йилгача Биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси шулар жумласидандир. Умуман олганда, республикада табиатни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 40 дан ортиқ қонунларни ўз ичига олган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилган.

Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган иқлимий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кучайишини олдини олиш мақсадида Оролбўйида 1,8 миллион гектар майдонга чўл ўсимликлари уруғлари ва кўчатлари экилмоқда. 2030 йилгача ушбу ҳудудда 2,3 миллион гектар майдонни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, иқлим муаммолари трансчегаравий хусусиятга эга эканлигини тўғри англаган Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасини иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларига мослашишда бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни сезиларли даражада кучайтирди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи йиллик маслаҳат учрашувидаги нутқида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Минтақавий стратегияни қабул қилишни таклиф қилди, бу эса иқлим барқарорлигини таъминлаш ва «яшил» ривожланишга муҳим ҳисса бўлиб  қўшилади.

Иқлим дастури бошқа халқаро форматлар доирасида ҳам фаол равишда илгари сурилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида декарбонизация ва «тоза» технологияларни жорий этиш, «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сувни тежаш масалаларида вазифаларни мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида  ушбу  тузилма доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш  ва унинг биринчи анжуманини 2024 йили Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этиш таклифини билдирди.

Ўзбекистон етакчиси, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Экология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумини тузиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Орол фожиаси оқибатлари ва вазиятни юмшатиш бўйича мутасадди идоралар томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозимини таъсис этиш ва  «Марказий Осиё иқлим мулоқоти»ни жорий этишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13-17 ноябрь кунлари Самарқандда илк бор ўтказилган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатномасида Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва улар келтириб чиқарадиган ижтимоий, экологик муаммоларнинг оғир оқибатларини тўлиқ ҳис қилишини яна бир бора қайд этди.  Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари халқаро экспертлар ҳамжамиятини Ўзбекистоннинг қум ва чанг бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бир сўз билан айтганда, БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси платформасининг бутун дунё, жумладан, Марказий Осиё минтақаси ва Ўзбекистон учун аҳамияти, шубҳасиз, жуда муҳим. Дубайда бўлиб ўтадиган тадбирнинг кўлами нафақат иштирокчилар сони (80 мингдан ортиқ киши), балки муҳокама қилинаётган муаммоларнинг глобаллиги билан ҳам белгиланади.

Ўзбекистон Президентининг мазкур тадбирда иштирок этиши  мамлакатимизнинг «яшил ўсиш ва ривожланиш»га содиқлигини, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрлигини  ҳамда Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси, Киото протоколи ва Париж келишуви мақсадларига эришиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ  бажаришини яна бир бор тасдиқлайди.



  ...