Мамалакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, гастрономик ва экологик туризми соҳасидаги имкониятлари тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Хитойнинг 100 га яқин сайёҳлик уюшмаси ва компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Иштирокчиларга мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти, тарихий-маданий ёдгорликлари, гастрономик туризм имкониятлари тақдим этилгани ҳолда юртимизда сайёҳлик хизматлари кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Жорий йил октябрь ойида Самарқанд шаҳри Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-чи юбилей йиғилишига мезбонлик қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда сўзга чиққан сайёҳлик компаниялари вакиллари Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга эканлиги, маданиятларимиздаги ўхшашаликларни таъкидлаб, бугунги кунда ҳам ушбу ришталарни мустаҳкамлашда туризмнинг алоҳида аҳамиятини айтиб ўтди.