Хитойнинг Гуандун провинцияси Шэньчжэнь шаҳридаги “Янги Хитой, яратувчанлик, янги истеъмол” маданият ва сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистон иштирок этди.
Мазкур тадбир Хитой халқаро маданий алоқалар маркази, Хитой газеталари ассоциацияси, Хитой муаллифлик ҳуқуқи ассоциацияси, Хитой реклама ассоциацияси ҳамда Шэньчжэнь миллий ташқи маданий савдо базаси кўмагида ташкил этилди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон стенди ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг савдо, инвестиция, маданият ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда. Хусусан, унда тўқимачилик, миллий ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари, хусусан сопол, мис ва ёғочдан ишланган санъат асарлари ва бошқалар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
Ўз навбатида Ўзбекистон маҳсулотлари орасида алоҳида тақдим этилган Нурота сўзаналари намуналари кўргазма иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Мазкур тадбирда Хитойнинг турли провинцияларидан ташриф буюрган 1000 дан ортиқ компаниялари иштирок этмоқда. Уч кун давом этадиган кўргазмага 400 мингдан зиёд хорижий ва маҳаллий меҳмонларнинг ташрифи кўзда тутилган.
Ярмарка Хитойнинг Гуандун провинцияси ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш, ўз маҳсулотларини намойиш этиш, янги ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда ҳудудлар ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатишга қаратилган. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, мазкур тадбирдан кўзланган мақсад санъат, маданият, ишбилармон доиралар вакилларини умумий платформа остида бирлаштитириш орқали истеъмолчиларга янги талқиндаги маҳсулотларни тақдим этишдир.
Шэньчжень Гуандун пронвинциясининг йирик шаҳарларидан бири бўлиб аҳолиси 18 миллионга яқин. Мазкур шаҳар фан, логистика ва халқаро кенг қамровли транспорт маркази ва Хитойнинг учта йирик миллий молиявий марказларидан бири бўлган халқаро технология саноати инновацияси маркази ҳисобланади. 2022 йилда шаҳарнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми 440 миллиард доллардан ошди.