Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиевнинг ўзбек халқига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиромига алоҳида урғу берган ҳолда ўзбек ва озар халқлари алоқаларининг тарихий илдизлари ҳақида сўзлаб берди.
- Ассалому алайкум ҳурматли Оқил Умурзоқович. Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлигида инсоният тарихида ўчмас из қолдирган машҳур сиймолар, жумладан, яқин ўтмишдаги таниқли давлат ва сиёсат арбобларининг ҳаёти ва фаолиятига доир суҳбат ҳамда мақолаларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш анъанага айланган. Бугун Сиз билан ана шундай улуғ сиймолардан бири – қардош Озарбайжон халқининг миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ҳақида суҳбат қурилаётгани Агентлигимиз учун шарафдир.
- Катта раҳмат эътиборингиз учун.
- Маълумки, ўтган ойда, аниқ қилиб айтганда, 10 май куни озар халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 99 йиллиги нишонланди. Келгуси йилда нафақат Озарбайжонда, балки унинг сарҳадларидан ташқарида ҳам ҳаёти ва фаолияти эътиборни тортадиган атоқли давлат ва жамоат арбобининг 100 йиллиги кенг нишонланади.
Суҳбатимиз ибтидосида қардош Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев таваллуди куни ўзбеклар юртида ҳам кенг нишонланишининг ҳаққоний ва мантиқий асослари ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз...
- Бу ҳақда гапиришдан олдин, энг аввало, ўзбек ва озар халқларининг кўҳна қардошлик тарихига мурожаат қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Маълумки, Ўзбекистон - Озарбайжон муносабатларининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Халқларимизни тил, дин, муштарак маданият ва боқий анъана, қадрият ва урф-одатлар боғлаб туради. Икки халқнинг бугунги вакиллари «Хамса»дек беназир асарлар ёзиб қолдирган Низомий ва Навоийдек буюк шоир ва мутафаккирлар авлодларидир. Шу ўринда ҳазрат Навоийнинг “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ…” деб ёзган машҳур сатрларини ёдга олиш кифоя. Бугунги кунларда азим Тошкентда Низомий ҳайкали, Боку шаҳрида эса Навоий ҳайкали қад ростлаб тургани бежиз эмас.
Озарбайжонда ҳам ўзбекистонликларга алоҳида ҳурмат ва эътибор мавжуд эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Озар дўстларимиз биз ўзбекларга “қардошим” деб мурожаат қилади.
Мен шу ўринда ўзбек ва озар халқлари қадимдан муштарак қадрият ва анъаналар асосида яшаб келгани, икки халқнинг маданияти, санъати ва адабиёти бир-бирига таъсир кўрсатиб, ўзаро бойитиб, умумий тамойиллар ва ягона адабий қонуниятлар асосида тараққий этганига алоҳида эътибор қаратишни истардим. Шу боис, табиийки, Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий, Муҳаммад Фузулий ўзбек халқи орасида қанчалик машҳур бўлса, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам озар халқи орасида шунчалик суюклидир.
Ўзбек ва озар олиму адиблари ўртасидаги замонавий илмий-адабий алоқалар азалий ришталар мазмунини бойитиб келмоқда. Ўзбек халқининг машҳур шоири Абдулла Орипов Мақсуд Шайхзодага ўзбек адабиёти ва адабиётшунослик илмида из қолдирган улкан шоир, атоқли драматург, моҳир таржимон ва нуктадон олим эди, деб таъриф берган. Унинг “Озарбайжон заминида дунёга келган бу бетакрор сиймо ўзининг бутун ҳаётини, иқтидорини, инсоний тақдирини Ўзбекистон билан боғлади.
Ўтган асрда халқимиз бошига тушган неки машаққату синовлар бўлса, бирга-бирга бошидан кечирди. Оғир кўргиликларга ҳам гирифтор бўлди. Бу бағри кенг инсон ўзбек оиласини ўз хонадони деб ҳисоблаб, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек сингари улуғ адиблар билан адабиётимиз майдонида ёнма-ён от сурди”, деган битикларида нақадар катта маъно жам этилган.
Кейинги йилларда таниқли озар олими ва таржимони Рамиз Аскар Алишер Навоий “Хамса”си, Заҳириддин Муҳаммад Бобур девони ва “Бобурнома” асарини озар тилига таржима қилди. Низомий Ганжавий “Хамса”сининг Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол муаллифлигида ўзбек тилига қилинган тўлиқ таржимаси Тошкент ва Бокуда беш жилдда нашр этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 40 мингдан зиёд озар миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилишини ҳам эслаб ўтишимиз жоиз. Мустақиллик йилларида уларнинг 40 дан ортиғи олий давлат мукофотларига муносиб кўрилган. Тақдирланганлар орасида давлат арбоби Ойдин Азимбеков, режиссёр Фирудин Сафаров, маданият ва санъат намоёндалари Кокяб Алиева, Илҳом Абдуллаев, Юсуф Алиев ҳамда бошқа касб эгалари бор.
Мен бир неча маротаба Озарбайжонда ўтказилган Ўзбекистон кунларига гувоҳ бўлганман. Бокуда ўтказилган ана шундай тадбирда Ҳайдар Алиев билан ёнма-ён ўтирган эдим. Ўшанда ўзбекистонлик санъаткорларнинг маданий чиқишларини Ҳайдар Алиев завқ-шавқ ва самимият билан олқишлагани ҳамон кўз олдимда туради.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг театр жамоалари ва бошқа маданий муассасалари ўртасида тарихан яқин ижодий ҳамкорлик бўлган. Бундай маданий муносабатлар ҳозирги пайтда янада ривож топмоқда.
Умуман олганда, икки халқнинг тарихий яқин алоқалари ҳақида жуда кўп гапириш, бошқалар ҳавас қилса арзигулик фикрларни билдириш мумкин...
Модомики, икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик тарихий ришталар мавжуд экан ва бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишончли муносабатга асосланган стратегик шериклик муносабатлари тобора ривожланиб бораётган экан, ҳар икки қардош-жондош халқ бир-бирларининг улуғларини шарафлаши табиий ва мантиқий ҳол. Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам буюклари шарафланган юртлардир.
Дарҳақиқат, Ҳайдар Алиевни ўзбекистонликлар жуда яхши билади. Яқин ўтмишдан маълумки, Ҳайдар Алиев жуда юқори давлат лавозимларида фаолият кўрсатган. 1993–2003 йилларда эса мустақил Озарбайжон Президенти бўлган. Бугунги Озарбайжоннинг замонавий тарихи Ҳайдар Алиев номи билан чамбарчас боғлиқдир. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона алоқаларнинг мустаҳкамланишида Ҳайдар Алиевнинг, шубҳасиз, катта тарихий хизмати бор. Бу ҳамиша, ҳар жойда ўз эътирофини топган.
- Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 15 октябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7-саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга боргани ва ушбу ташриф доирасида Бокуда Президент Илҳом Алиев билан учрашганини эслаш жоиздир. Давлат арбоби сифатида Сизнинг ушбу учрашув ҳақидаги шахсий фикрларингизни билишни истар эдик.
- Сиз мазкур учрашувни ўз ўрнида эсга олдингиз. Ўшанда давлатимиз раҳбари Ҳайдар Алиев ҳақидаги ўз фикрларини ҳам баён этган эди. “Биз Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабатда бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидов билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабатда бўлганини, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев бошқалардан фарқли ўлароқ, ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Яқин ўтмишимизга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йиллари давомида Ҳайдар Алиев Озарбайжон Президенти сифатида Ўзбекистонга икки маротаба келганини кўрамиз. Биринчи сафар – 1996 йил октябрь ойида Туркий тилли мамлакатлар давлат раҳбарларининг IV саммитида қатнашиш учун амалий ташриф билан, иккинчи маротаба эса бундан роппа-роса 25 йил бурун - 1997 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган.
1996 йил 22 октябрь куни олий даражали меҳмон ташриф дастури доирасида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда бунёд этилган Темурийлар тарихи давлат музейи билан танишган эди. Ҳайдар Алиев музейнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз қўли билан ёзиб қолдирган фикрлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Унда қуйидаги сўзлар битилган: “Чуқур ҳаяжон ва катта ҳурмат оғушида буюк Амир Темур музейи билан танишдим. Экспонатлар буюк давлат арбоби, саркарда ва ўзбек халқининг буюк ўғлони – Амир Темур тўғрисида қўшимча тасаввурларни пайдо қилади. Ўзбекистон халқига буюк ташаккурларим. Амир Темурнинг тарихий мероси ва хизматларига ғамхўрлик ҳамда ҳурмат билан муносабат, юксак аҳлоқийлик ва донишмандлик намоёни учун”.
1997 йилнинг ёзида Озарбайжон Президентининг расмий ташрифи чоғида унга Тошкент университети (ҳозирги Миллий университет)нинг фахрий доктори дипломи тақдим этилган эди. Мен ўша кезлари Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири бўлиб ишлар эдим.
Ҳайдар Алиев озар халқининг том маънодаги умуммиллий етакчисидир. У мустақил Озарбайжоннинг меъмори ва асосчиси сифатида тарихда қолган бўлса, бугунги кунда ана шундай машҳур давлат арбоби ғояларини муваффақиятли давом эттираётган Президент Илҳом Алиев мамлакат равнақини таъминлаш, иқтисодий қудратини ошириш йўлида улкан саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
- Ҳурматли Оқил Умурзоқович, биласизки, ушбу мавзуда айнан Сиз билан суҳбат қуришни режалаштирганимиз тасодифий ҳол эмас. Сиз Ҳайдар Алиев замондоши ва сиёсий арбоб сифатида у билан учрашганингиз ва ўзаро мулоқотда бўлганингиз халқимиз, давлатимиз тарихи солномасининг саҳифаларидан жой олган. Нафақат барча озарбайжонликлар, балки бошқа турли миллатлар вакиллари – қатор давлатлар раҳбарлари, тарихчи олимлар, халқаро журналистлар ва бошқа касб эгалари Ҳайдар Алиев номини фақат ва фақат ижобий фикрлар билан ёдга олади. Сиз Ҳайдар Алиев феноменини қандай изоҳлайсиз?
- Ҳайдар Алиевнинг иқтидори замон ва макон доирасига сиғмайди, деб айтсам муболаға бўлмайди. У 1923 йил 10 май куни мамлакатнинг Нахичевань шаҳрида туғилган. Шу ердан бошланган йўл дастлаб Озарбайжон, сўнгра бутун собиқ иттифоқ бўйлаб чўзилди, кейин эса дунё миқёсида ўз эътирофини топди. Юқорида айтганимдек, бугунги Озарбайжоннинг замонавий тарихи Ҳайдар Алиев номи билан чамбарчас боғлиқдир.
Тарихдан маълумки, 1918 йил 28 май куни Озарбайжонда мустақиллик тўғрисида декларация қабул қилиниб, илк бор Шарқда мустақил, дунёвий ва демократик Озарбайжон Демократик Республикаси (ОДР) эълон қилинган. Мамлакат дипломатлари саъй-ҳаракати билан 1919 йили Миллатлар лигаси тинчлик конференциясида ушбу давлатнинг мустақиллиги тан олинган.
1991 йил 18 октябрь куни Озарбайжон қонунчилик органи томонидан давлат мустақиллигини тиклаш тўғрисида Конституцион акт қабул қилиниб, умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев ташаббуси билан Озарбайжон Демократик Республикасининг барча давлатчилик белгилари қайта тикланган ва бугунги Озарбайжон ОДРнинг қонуний меросхўрига айланган эди.
Ҳайдар Алиев феномени ҳақида гап кетганда икки тарихий далилни ёдга олишнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман. Маълумки, Ҳайдар Алиев 1987 йил октябрида КПСС МҚ сиёсий бюроси олиб бораётган сиёсий йўлга норозилик белгиси сифатида собиқ иттифоқ ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан истеъфо берган. Бундан ташқари, 1990 йил 20 январдаги фожеалардан сўнг, яъни совет қўшинларининг катта контингенти Бокуга киритилиши кўплаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлгани муносабати билан Ҳайдар Алиев Озарбайжон халқига нисбатан уюштирилган бу жиноят ташкилотчилари ва ижрочиларини жазолашни талаб қилган. Иттифоқнинг ўша пайтдаги раҳбарияти сиёсатига норозилик белгиси сифатида 1991 йил июль ойида КПСС аъзолиги сафидан чиқиб кетган.
1993-2003 йиллар давомида Ҳайдар Алиевнинг раҳбарлигида мустақил Озарбайжон сиёсий, иқтисодий, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида улкан муваффақиятларга эришган. Унинг раҳбарлигида мамлакатнинг халқаро алоқаларида катта ўзгаришлар содир бўлди, илмий асосларга, халқаро меъёр ва тамойилларга асосланган мустақил давлат қурилишига асос солинди ва замонавий, ҳар жиҳатдан тўкис давлат барпо этилди. Ҳайдар Алиевнинг президентлиги даврида миллий армия қурилишида жиддий ўзгаришлар бошланди. Тажовузкор қуролли кучларнинг Озарбайжон ҳудудидаги бош-бошдоқликларнинг олди олинди, 1994 йилнинг майида Озарбайжон ва Арманистоннинг Қорабоғ можаросини ҳал этишнинг дастлабки босқичи сифатида фронт чизиғида отишмаларни тўхтатиш эълон қилинишига эришилди.
1995 йилнинг ноябрида умумбашарий демократик қадриятларни ўзида акс эттирган Озарбайжон Республикаси Конституциясининг референдум йўли билан қабул қилиниши 1995 ва 2000 йилларда кўппартиявийлик асосида демократик парламент сайловларининг ўтказилиши, Конституциявий суднинг фаолият бошлаши, Озарбайжонда ўлим жазосининг бекор қилиниши, қатор муҳим қонунларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга тадбиқ этилиши айнан Ҳайдар Алиевнинг номи билан чамбарчас боғлиқдир.
Ҳа, озар халқининг буюк ўғлони Ҳайдар Алиев ўз даврида дунё миқёсидаги сиёсий арбоб бўлган, чунки кўпгина мамлакатларда Ҳайдар Алиев туфайли Озарбайжонни билишган. Дунёнинг машҳур одамлари, таниқли сиёсатчилар уни машҳур, илмли сиёсатчи, фикрлаш доираси ниҳоятда кенг арбоб, қолаверса, Озабайжоннинг фахри, ғурури, виждони, ори, номуси, деб тан олган.
Франциянинг собиқ Президенти Жак Ширак у ҳақда “Бу нооддий сиймо Озарбайжонни фаровонликка етаклаб келди. Бизнинг учрашувларимиз чоғида, айниқса, Тоғли Қорабоғ можароси бўйича музокараларда унинг низони тинч йўл билан ҳал этишдаги кўрсатган қаҳрамонлиги, донишмандлиги ва қатъиятини юқори баҳолаганман”, деб айтган бўлса, Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блэр “Ҳайдар Алиев Озарбайжоннинг буюк етакчиси эди. У инқирозлар даврида ўз мамлакатига барқарорлик олиб келди. Озарбайжон халқи у қолдирган мерос билан фахрланса арзийди”, дея таърифлаган. Бошқа яна жуда кўплаб мамлакатларнинг етакчилари ҳам Ҳайдар Алиев сиймоси ҳақида ана шундай жуда илиқ ва ҳаққоний фикр-мулоҳазаларини баён этгани тарихдан яхши маълум. Мухтасар қилиб айтганда, Ҳайдар Алиевнинг бутун ҳаёти Озарбайжон ва унинг халқига фидокорона муҳаббати намунасидир.
- 1983 йил октябрида Ҳайдар Алиев бошчилигидаги делегация Москвадан Тошкентга учиб келганда (Вьетнамга кета туриб) меҳмонларни Шароф Рашидов кутиб олгани тарихдан маълум. Шунда Ҳайдар Алиев Ўзбекистон бошига келаётган, тарихда “ўзбек иши” деган ном билан қолган булутли кунлардан Шароф Рашидовни “эҳтиёт бўлинг” маъносида огоҳ этган, деган гапларни кўпчилик эшитган. Бу фикрлар расман тасдиқланмаган бўлса-да, Ҳайдар Алиев ва Шароф Рашидов ўртасида тарихан яқин, дўстона муносабатлар бўлгани учун кўпчилик бунга ишонади. Халқ орасида юрган бу гапларни Сиз қандай изоҳлайсиз?
- Бу эҳтимолдан ҳоли эмас. Мазкур делегация Шароф Рашидов ҳамроҳлигида Тошкент метрополитени, «Халқлар дўстлиги» саройи ва бошқа жойлар билан танишган эди. Сўнгра Шароф Рашидович Ҳайдар Алиев билан кечки овқатни бирга тановул қилганига гувоҳ бўлганман.
Ҳақиқатан ҳам Ҳайдар Алиев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги тарихий ришталарни мустаҳкамлашга салмоқли шахсий ҳисса қўшган арбоб эди.
Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган тарихий санагача ҳам у киши мамлакатимизда бир неча маротаба бўлган. Шароф Рашидов ва Ҳайдар Алиев ўртасида ишончли муносабатлар мавжуд эди. Улар тез-тез мулоқот қилиб турган, турли мураккаб давлат масалаларини биргаликда ҳал қилишган, оилалари ўртасида ҳам самимий алоқалар ҳукм сурган.
Ҳайдар Алиев ўзбек халқига катта ҳурмат билан муносабатда бўлган, миллий маданиятимиз ва анъаналаримизни юксак қадрлаган.
Ҳайдар Алиев ва Шароф Рашидов ўртасида яқин ва самимий муносабатлар қарор топган эди. Собиқ иттифоқ ҳукумати ҳайъати йиғилишлари ва мажлисларида Шароф Рашидов кўп қатнашгани ва Ҳайдар Алиев билан тез-тез учрашиб тургани, шунингдек, Кремлдаги сиёсий бюронинг ягона туркий-мусулмон аъзоси бўлган Ҳайдар Алиев ҳақиқатан ҳам қўлидан келганича ўзбек халқига кўмаклашгани бор гап.
Икки буюк раҳбар ўртасида илиқ муносабатлар қарор топгани Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари томонидан ҳам эътироф этилган. Мен юқорида Ўзбекистон Президентининг бу ҳақдаги фикрларини айтдим. Ўз навбатида, Озарбайжоннинг ҳозирги етакчиси Илҳом Алиев ҳам бу фикрни тасдиқлаган ҳолда ўзининг ўсмирлик чоғларидаёқ отаси ва Шароф Рашидов ўртасида яқин дўстона муносабатлар бўлганини яхши эслашини расман айтган. “Улар ака-укалардек дўст эдилар, қайта қуриш йилларида муайян доиралар томонидан ўзбек халқига нисбатан уюштирилган адолатсизлик отамда жуда ёмон таассурот қолдирганини эслайман”, деган эди Президент Илҳом Алиев 2019 йили Бокуда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашув чоғида.
- Мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раҳнамолигида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар шериклик тобора равнақ топмоқда. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон – Озарбайжон алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилишлар қатъий экани тасдиқланган. Кўпни кўрган сиёсатчи ва арбоб сифатида мамлакатларимиз ҳамкорлигининг истиқболлари ҳақидаги фикрларингизни ҳам билишни истар эдик...
- Озарбайжон Жанубий Кавказ минтақасида Ўзбекистоннинг стратегик шериги ҳисобланади. Бу геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатдан жуда муҳим. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, тарихан бир-бирига яқин ва ҳамкор бўлган қардош мамлакатларимиз ўртасида бугунги кунда ҳам ўзаро сиёсий ишонч, яқин алоқалар мавжуд. Давлатларимизнинг икки томонлама муносабатлари тобора равнақ топаётгани баробарида улар халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам бир-бирларини самимият билан қўллаб-қувватлаб келаётгани беҳад қувонарлидир.
Шу ўринда яна бир фикрни айтишни истар эдим. Ҳозир бутун инсоният мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон халқи ҳам Озарбайжон халқи ҳам доимо келажакка ишонч билан қараган. Бундан кейин ҳам шундай бўлажак. Ўзбек халқининг ардоқли ва бетакрор санъаткори Шерали Жўраев ўзининг бир ашуласида куйлаганидек, “Эгаси бор юртнинг эртаси бордир!”. Ўзбекистон ҳам, Озарбайжон ҳам ўз халқларининг хоҳиш-иродаси билан сайланган давлат раҳбарлари раҳнамолигида нурли йўлда комил ишонч билан дадил ва адолатли қадамларни ташлаётганига бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди. Бу йўл порлоқ келажак йўлидир.
“Дунё” АА шарҳловчиси
Шуҳрат Умиров суҳбатлашди.