Мамлакатимизнинг халқаро майдонда юритаётган изчил, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолияти самараларига бир назар
Маълумки, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида мамлакатимизнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш алоҳида мақсад сифатида белгиланган. Ушбу дастуриламал ҳужжатга таянган ҳолда Ўзбекистон ўз миллий манфаатларига асослангани ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва прагматик ташқи сиёсатни изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этмоқда.
Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик бугунги кунда сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтарилмоқда.
Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати шарофати билан юзага келган янги минтақавий сиёсат ички сиёсатнинг давоми сифатида бир томондан минтақа мамлакатлари ўртасидаги, иккинчи томондан, дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ижобий муносабатларининг янги даражаси билан изоҳланадиган янги минтақавий воқеликнинг шаклланишига олиб келди.
Бугунги кунга келиб Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланди. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларига мезбонлик қилди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора юксалаётганидан далолат беради. Ўзбекистоннинг шитоб билан ўсиб келаётган ахборот технологиялари, туризм, таълим, тиббиёт каби соҳаларда минтақавий хаб сифатида танилаётгани ҳам, шубҳасиз, очиқлик сиёсатининг муҳим самараларидан биридир.
Мамлакатимизнинг БМТ органлари ва институтлари, глобал ҳамда минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолияти кўламлари ҳам тобора кенгаймоқда. Республикамизнинг халқаро молиявий ташкилотлар, Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи (ЕИ) институтлари билан савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик шакллари қўллаб-қувватланаётир. Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар дастурларига Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ЕТТБ ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар катта эътибор билан муносабатда бўлмоқда.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги ҳақида тўхталганда мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати шарофати ўлароқ, ЕИ билан барча даражалардаги мулоқотлар сезиларли даражада фаоллашиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми “GSP+” тартиби туфайли жорий йил бошидан буён қарийб 70 фоизга ўсди. Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.
Гуманитар соҳада Париждаги Лувр ва Берлиндаги Янги музей билан ҳамкорликда иккита ноёб лойиҳа амалга оширилди. Ушбу санъат марказларида илк бор минтақамизнинг бой маданий-тарихий мероси кенг намойиш этилди. Европалик шериклар Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш дастурларини ҳамда ортга қайтмас ислоҳотлар стратегиясини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашига шубҳа йўқ.
Дарҳақиқат, олти йил муқаддам бошланган қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Янги Ўзбекистонда изчил давом этаётган оқилона очиқлик сиёсати мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, давлатимизнинг халқаро миқёсдаги фаолиятида салмоқли натижаларни бераётир. Ўзбекистон ўзининг анъанавий ҳамкорлари билан муносабатларни янада ривожлантиришга, ташқи алоқалар жўғрофиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратаётгани ҳолда иқтисодий дипломатияни тобора кучайтирмоқда.
Бу фикрларнинг тасдиғи сифатида айрим мисолларни келтиришдан аввал мамлакатимизнинг эркин бозор механизмларини жорий этиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, самарали давлат бошқаруви тизимини жорий этиш борасидаги изчил ислоҳотлари ҳамда бизнес юритиш учун максимал қулайликлар яратишга қаратилган бошқа ижобий ўзгаришлар дунёда эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш керак.
Очиқ ва прагматик ташқи сиёсат туфайли, яъни мамлакатимиздаги кенг қамровли ижобий ўзгаришлар ва халқаро майдондаги қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ва ишонч ортмоқда, Ватанимизнинг нуфузи ва обрў-эътибори тобора юксалмоқда, юртимиз халқаро индексларда тобора юқорилаб бормоқда.
Ўзбекистонда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш изчил давом этмоқда. Валюта тизими эркинлаштирилгани, ташқи бозорларга чиқиш бўйича тўсиқлар олиб ташлангани, 7 мингдан зиёд хомашё ва товарларга божхона божлари бекор қилингани натижасида ташқи савдо айланмаси икки карра ошди.
Шу билан бирга, солиқ юки қарийб 2 баробар камайгани, солиқ маъмурчилиги соддалашгани, Ўзбекистонда минтақамиздаги энг жозибадор фискал тизим шакллангани халқаро ташкилотлар томонидан эътироф қозонмоқда.
Мамлакатимизда ҳаётга изчил тадбиқ этилаётган ислоҳотларга ишонч ортгани туфайли йиллик хорижий сармоялар ҳажми 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўпайди. Янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёни жадаллашмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат: мамлакатимизда ислоҳотлар доирасида инвесторлар билан ишлашнинг яхлит тизими жорий қилинди. Сармоядорлар масалаларини тезкор ҳал этиш, уларнинг давлат раҳбари билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида Президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши иш бошлади. Ишбилармонлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилди. Чет эллик инвесторлар учун кўчмас мулк сотиб олиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш ва яшаш шартлари кескин соддалаштирилди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 25,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 млрд. АҚШ долларига ёки 25,4 фоизга ошган. Мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси ҳажмида экспорт 10,5 млрд. АҚШ доллари, импорт эса 15,3 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган. Эътибор беринг-а, Ўзбекистон 2023 йилнинг январь-май ойларида жаҳоннинг 182 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган.
Бунга ўхшаш мисолларни эса жуда кўплаб келтириш мумкин – биргина мақолада уларнинг барчасини қамраб олиш, афсуски, ғайри имкон.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил май ойида бўлиб ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишидаги нутқида қайд этганидек, Ўзбекистон ўзи танлаган, узоқ муддатга мўлжалланган очиқлик ва барқарор тараққиёт йўлидан оғишмасдан, олдинга қараб янада дадил қадамларини ташлайверади. Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланганидек, “Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас”.
Шуҳрат Умиров,
“Дунё” АА шарҳловчиси