Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги босқичи. Эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар



Президентимиз раислигида жорий йилнинг 15 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўнгги 3 йилда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида бутунлай янги ва алоҳида тизим яратилгани қайд этилганди. Энг аввало, камбағалликни камайтириш давлатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири экани таъкидланганди.

2023 йилнинг бошида бу масалада яна бир ўта муҳим янгилик ҳаётга татбиқ этила бошланди. Барча туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига қараб 5 тоифага ажратилди. Туманнинг қайси тоифага киритилганидан, яъни шароитидан келиб чиқиб, турли даражада енгилликлар бериш тартиби жорий этилди.

Бугун камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу соҳа давлат томонидан чуқур қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида йилига 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидия ажратилмоқда. Бунинг натижасида 2022 йили 1 миллион, жорий йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳолини камбағалликдан чиқаришга эришилди.

Эҳтиёжманд аҳолини аниқлашнинг мамлакатимизда яратилган ва юқори самарадорлиги тегишли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилган тизимлари – “Темир дафтар”, Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ҳамда 2023 йилда янги жорий этилган “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган аҳоли моддий ёрдам билан тўла қамраб олинди.

Камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратиш жараёнида янги корхоналарни ташкил этиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, барча ҳудудларда, айниқса, узоқ ва чекка қишлоқларда бу ишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва жараён давлат томонидан барча воситалар билан қўллаб-қувватланмоқда. Натижада йилига минглаб янги ва замонавий катта-кичик корхона иш бошламоқда. Уларда ишлаш учун замонавий технологияларни эгаллаган камида 300-400 минг малакали мутахассис керак бўлиши табиийдир.

Лекин очиғини айтиш керак, касб-ҳунар мактаблари, коллеж, техникум ва мономарказларда бунча малакали мутахассисни тайёрлашга имконият ҳали мавжуд эмас. Демак, уларнинг потенциалини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш тақозо этилади.

Юртимизда яратилаётган шароитлар туфайли тадбиркорлар сони тобора кўпаймоқда. Жумладан, охирги 5 беш йилда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Бу эса ҳар бир туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада ўртача 50 нафардан тадбиркор пайдо бўлганини билдиради. Бу жуда яхши натижа. Лекин бу борада ҳам ҳали амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимиз жуда кўп. Масалан, барча ҳокимликлар, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамжиҳатлик билан ишласа, жойларда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиниб, қўллаб-қувватланса, туманда, маҳаллада бандлик масаласини ҳал қилиш учун имкониятлар ҳозиргидан анча кўпайиши аниқ. Ёки яна бир мисол. Аҳолини касб-ҳунарга ўқитишга давлат томонидан йилига 200 миллиард сўм ажратиляпти, лекин бу маблағ тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжи билан яхши боғланмагани туфайли кутилган натижани бермаяпти.

Ўз бизнесини ташкил этган тадбиркорлар ҳам катта-катта харажатлар қилиб, ўзи учун мутахассислар тайёрлаши керак. Бу масалани ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Негаки, бир фуқарони муносиб иш билан таъминлашга ҳаракат қилаётган тадбиркорни давлат органлари моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши мантиқан тўғри бўлади.

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бошланяпти

Президентимиз 15 май куни ўтказган йиғилишда аҳолини иш билан таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратиш ва молиявий рағбатлар тақдим этиш зарурлигини қайд этди. Шу мақсадда 2023 йил 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бошланади. Мазкур дастурни бажариш учун барча манбалардан 1 миллиард долларга тенг маблағ ажратилади.

Бу маблағ ҳисобидан қуйидаги ўта муҳим 2 тадбирни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Биринчиси, камбағал оилалар аъзоларини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа учун аҳамиятига қараб амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Иккинчиси, тадбиркорнинг амалий мономарказ ташкил қилиш, жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўла қоплаб берилади.

Бундан ташқари, мазкур дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар тақдим этилади. Яъни камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади, шунингдек, камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғини тўламайди. Қолаверса, 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баробар камайтирилади.

Дастурда қатнашадиган тадбиркор солиқ ва божхона маъмуриятчилигида ҳам катта енгилликлар олади. Жумладан, улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди, қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади, қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди, барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади, божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади. Шунингдек, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга божхона расмийлаштируви пайтида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Мазкур дастурда иштирок этадиган тадбиркорларни инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда ҳам қўшимча енгилликлар берилади. Яъни ер, бино-иншоотларни аукцион орқали хусусийлаштиришда бўлиб тўлаш имконияти яратилади, қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар бўйича инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Мазкур қўллаб-қувватлаш ва енгилликларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва сўзсиз бажарилишини кафолатлаш механизми ўрнатилади. Бунда солиқ ва божхона имтиёзлари тўлиқ берилишини, паст фоизли кредитлар ўз вақтида ажратилишини таъминламаган раҳбарларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилади.

Камбағалликни камайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги босқичи бир марталик кампания эмас, давомли жараён бўлиши зарур. Шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари масъуллари жойларга чиқиб, тадбиркорлар кўтарган муаммо ва таклифларни доимий равишда ўрганиши ва уларга кўмаклашиши лозим.

Йиғилишда Президент томонидан тегишли вазирлик ва идоралар олдига 2023 йил якунига қадар ушбу янги тизим асосида биргаликда 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Камбағалликни тугатишнинг Хитой тажрибаси

Президентимиз йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 10 май куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тайёрланган чора-тадбирлар билан танишиш чоғида ҳам бу ҳақда айтган эди. Ўтган давр мобайнида шу мақсадда Хитойдан тажрибали экспертлар жалб этилди, мутасадди идоралар вакиллари Хитойга бориб, масала қай тартибда амалга оширилганини кўриб келди.

Камбағалликни камайтиришда нима учун Хитой тажрибасидан фойдаланмоқчи эканимиз кўпчиликни қизиқтириши табиий. Эътибор қаратинг: 1978 йилда Хитой аҳолисининг 97,5 фоизи камбағал бўлган. 2019 йилга келиб камбағаллар улуши 0,4 фоизга тушган, 2021 йилда эса умуман камбағал қолмаган. Камбағалликни тугатишнинг Хитой усулида икки омил асосий роль ўйнаган. Яъни иқтисодиётни жадал ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ҳамда унга қарши курашнинг манзилли стратегияси ишлаб чиқилиб, изчиллик билан амалга оширилган. Камбағалларнинг асосий қисми қишлоқда истиқомат қилгани учун дастлаб аграр соҳани жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қишлоқ хўжалигида 1 фоиз ўсиш қишлоқларда камбағалликни 1,4 фоиз қисқартира бошлаган.

Камбағалликка қарши курашиш стратегияси эса тўрт босқични босиб ўтган. Стратегиянинг биринчи босқичида мавжуд 2100 та округ чуқур таҳлил қилинган ва улардан 700 таси энг камбағал округлар экани аниқланган. Айнан шу камбағал округларга алоҳида эътибор қаратилган. Кейинги икки босқичда умуммиллий ёндашувлардан ҳудудий ва маҳаллий (округ ва қишлоқ) стратегияларига ўтилган. Тўртинчи босқичда эса бевосита камбағал уй хўжаликлари билан махсус шуғулланилган.

Шу тариқа турли босқичларда камбағалликни камайтиришнинг самарали воситалари ишлатилган. Жумладан, илк босқичда субсидияли кредит, “озиқ-овқатни ишга алмаштириш” схемаси ва тадбиркорлик учун субсидиялар бериш усулларидан кенг фойдаланилган. Кейинроқ эса аҳолисининг катта қисми камбағал бўлган қишлоқларга ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмалар барпо этишга кўмак берилган.

Бир сўз билан айтганда, Хитойда камбағалликка қарши кураш умумхалқ ҳаракатига айлантирилган. Бу жараёнда давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда хусусий сектор ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этган.

Хитойнинг ана шундай илғор тажрибаси асосида камбағалликни камайтириш бўйича 18 йўналишда манзилли лойиҳа тайёрланди. Улар ёрдамида камбағалликни камайтириш бўйича умумхалқ ҳаракатининг янги босқичида Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Мутасаддиларга хитойлик экспертлар билан бирга танлаб олинган 14 туманни камбағалликдан чиқариш учун комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Ҳар бир туманда янги иш ўринлари яратиш имконияти бўлган 10-15 тадбиркор ажратиб олинади ва уларга камида 1000 та иш ўрни яратиши учун кўмак берилади. Жумладан, уларга мутахассисларни тайёрлаш орқали янги иш ўринлари яратиши учун маблағ ажратилади, инфратузилма, кредит, солиқ ва бошқа масалаларда преференциялар тақдим этилади.

Барча вилоятларнинг биттадан туманида аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Уларда йўл-транспорт, энергетика, коммуникация ва туристик инфратузилмалар, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, камбағаллар кўп бўлган туманларда маҳаллаларни саноатлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Камбағалликни камайтириш бўйича Хитой марказлари билан ҳамкорликда ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш, яхши натижага эришган камида 200 нафар салоҳиятли ҳоким ёрдамчисини Хитойга амалиёт ўташ учун юбориш вазифаси ҳам қўйилди.

Кенг қамровли ишлар эътироф этилмоқда

Юртимизда камбағалликка қарши курашиш тадбирлари яхши натижа бермоқда. Бу халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этиляпти. Жумладан, Камбағалликка қарши курашиш бўйича глобал тадқиқот марказининг Европа бюроси (J-PAL) Ўзбекистонни жорий йилнинг май ойида камбағалликни камайтириш бўйича дунёнинг энг яхши мамлакати, деб тан олди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш мумкинки, 2022 йилнинг май ойида Нобель мукофоти соҳиблари Абхижит Банержи ва Эстер Дуфло асос солган J-PAL билан биргаликда камбағалликка қарши курашиш бўйича давлат дастурлари самарадорлигини оширишда инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида ҳамкорлик бошланди.

Айни пайтда эса J-PAL ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази камбағалликка қарши курашга қаратилган биринчи давлат дастурларининг самарадорлигини ва уларнинг реал даромадлар ўсиши ва камбағалликни камайтиришга потенциал таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқотни бошламоқда. Бунда “маҳаллабай” тизим орқали татбиқ этиладиган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ва “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолияти, шу жумладан, ташқи миграция йўналиши самарадорлигини замонавий илғор воситалар (методология) билан баҳолаш масалалари кўриб чиқилади.

Давлат дастурлари самарадорлигини баҳолашнинг бундай шакли Ўзбекистонда илк бор жорий этилмоқда. Бу эса камбағалликнинг кўплаб жиҳатларини ҳал этишга қаратилган истиқболдаги дастур ва стратегияларни ишлаб чиқишда муҳим қадамдир.

Ўтган ҳафтада Тошкентда Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни татбиқ этиш II халқаро форуми бўлиб ўтди. Форум Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг форум иштирокчиларига қутлов мурожаатида таъкидланганидек, камбағалликни қисқартириш борасида бошлаган кенг кўламли ишларимизни янги босқичга олиб чиқиб, бундан буён ҳам барча йўналишларда “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ислоҳотларни қатъий давом эттирамиз!

Камбағалликни қисқартиришга бағишланган II халқаро форумда 200 дан ортиқ делегат, камбағалликка қарши кураш бўйича J-PAL глобал ташаббуси, БМТ, БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, ЮНИCЕФ, Осиё тараққиёт банки, Германия ҳамкорлик ташкилоти (GIZ), Франция тараққиёт агентлиги ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари, жумладан, иқтисод бўйича Нобель мукофоти лауреати Абхижит Банержи каби жаҳонга машҳур олим ва экспертлар қатнашди.

Халқаро форумнинг мақсади камбағалликка қарши курашиш бўйича илғор жаҳон тажрибаси ва усулларини ўрганиш, камбағалликка барҳам беришда кўп ўлчовли комплекс ёндашувни қўллаш, қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларни шакллантириш, инсон капиталини такомиллаштириш орқали меҳнат бозорида ўқитиш дастурлари сифатини ошириш, кичик корхоналар ўсишини қўллаб-қувватлаш, юқори сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат бўлди.

Иштирокчилар ривожланаётган мамлакатларда тўпланган тажрибани янада оммалаштириш мақсадида камбағалликка қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон эришган ютуқлар омилини, жумладан, уларнинг самарадорлигини кўриб чиқди.

Форум доирасида ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар, жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда J-PAL ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Абхижит Банержи ўз чиқишида бундай деди: “Дунё ҳукуматлари коронавирус пандемиясига жавобан ижтимоий ҳимоя дастурларини кучайтирмоқда, хусусан, бугунги кунга қадар 3860 га яқин дастур режалаштирилган ёки амалга оширилган. Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, мамлакатингиз ўз намунаси билан бошқа давлатларга камбағалликка қарши қандай курашиш кераклигини намоён этаётганидан мамнунман. Бу ерда туриб мамлакатдаги ўзгаришлар руҳини ҳис қилмоқдаман ва келинг, “буни биргаликда амалга оширамиз", деб айта олишимдан фахрланаман!”

Машҳур олим Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш бўйича ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш мумкин бўлган қатор йўналишларни таклиф этди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан олға сурилган чора-тадбирлар дастури умумдавлат аҳамиятига эга бўлган жуда катта ва кенг қамровли ҳужжат бўлиб, унинг амалга оширилиши тадбиркорликни кенг ривожлантириш орқали мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий юксалиш даражасини янада жадаллаштириш имкониятини яратади. Бу эса, ўз навбатида, камбағалликни кескин камайтириш ва юз минглаб янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Хуршид Асадов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар

ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари

 



  ...