Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва халқаро савдо алоқаларига эътибор қаратадиган бўлсак, минтақа давлатлари билан ҳамкорлик ўзаро манфаатлар асосида ривожланаётганини кўриш мумкин. Бу жараёнда “C5+1” платформасининг аҳамияти алоҳида ўринга эга.
Марказий Осиё глобал майдонда дипломатик мувофиқлаштиришни амалга ошириш мақсадида Хитой, АҚШ, Россия, Япония ва Европа Иттифоқи каби турли томонлар билан C5+1 механизмини ўрнатган. Мазкур мулоқот майдони минтақа мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва унинг ўсишини таъминлаш, ўзаро савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантириш ҳамда кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун барча мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш имконини беради.
“Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитида ҳам ўзаро қўшни давлатлар етакчиларининг олий даражадаги музокаралари натижаси ўлароқ, ҳамкор мамлакатлар иқтисодиёти тараққий этиши ва халқларининг фаровон ҳаёт кечириши учун муҳим асосларни пайдо қилади.
Саммит кун тартибида кўплаб масалалар ўрин олган бўлиб, уни ўтказиш Хитой ва Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар ўртасида янада кенг сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади. Унинг доирасида асосий ҳамкорлик ташаббуслари бўйича 54, кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари ва платформалари бўйича 19, саммитнинг кўп томонлама ҳужжатлари бўйича 9 келишувга эришилди. Уларда электрон тижорат соҳасида мулоқот ва ҳамкорлик, ўзаро савдони ривожлантириш, савдо тузилмасини диверсификациялашга кўмаклашиш ва доимий равишда осонлаштириш, “Марказий Осиё – Хитой” янги иқтисодий мулоқотининг қўшма стратегиясини ишлаб чиқиш, устувор яшил инвестиция лойиҳалари маълумотлар банкини яратиш, барча чегара пунктларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг божхона расмийлаштируви учун “Экспресс коридор” амалиётини кенгайтириш, халқаро савдода “ягона ойна”нинг ўзаро боғлиқлигини ошириш, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар мавжуд.
Шунингдек, “Марказий Осиё – Хитой” транспорт йўлаги, қайта тикланадиган энергия манбалари ҳамда сунъий интеллект, “ақлли” шаҳар каби юқори технологияли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатишда “яшил” ечимларни ишлаб чиқиш, “Глобал ривожланиш”, “Глобал хавфсизлик”, “Глобал цивилизация” ташаббуслари доирасида давлатлар ўртасида рақамли савдо соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш каби муҳим йўналишларда ҳам келишувларга эришилди.
Шу ўринда саммит ташкил этилган ҳудуд ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. Сиан Хитойнинг марказий-шимоли-ғарбий шаҳри ҳисобланади. Бу ҳудуд учрашув учун рамзий жой бўлиб, бир вақтлар Хитойни Марказий Осиё ва Ўрта ер денгизи билан боғлаган қадимги савдо йўли, Буюк ипак йўлининг шарқий бошланиш нуқтаси ҳисобланади.
Саммит иштирокчиси бўлган давлатлар азалдан жаҳон миқёсида муҳим шериклар бўлиб келган. Ўзаро ишбилармонлик ҳамкорлигини чуқурлаштириш, томонлар манфаатига мос натижаларга эришиш, минтақавий иқтисодиётнинг сифатли ривожланишига кўмаклашадиган ҳамжамиятни барпо этиш ушбу давлатларни биргаликда ишлашга рағбатлантиради. Хитой Марказий Осиёнинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд – 70 миллиард долларга етди. Саммит олдидан Хитой Бош божхона бошқармаси томонидан ўзаро савдо айланамасига доир ҳисоботлар тақдим этилди. Унга кўра, Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан импорт ва экспорт ҳажми 2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида 173,05 миллиард юанни (24,8 миллиард доллар) ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,3 фоизга ўсиш демакдир.
Саммит бир неча йиллардан буён тажрибадан ўтказилаётган янги формат бўлиб, Марказий Осиё – Хитой ўртасидаги ҳамкорлик мақомини оширади. Унинг доирасида Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг ўсиш нуқталарини кўриб чиқди. Барча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган асосий халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашди ва ўзаро келишувларга доир муҳим ҳужжатларни имзолади.
“Марказий Осиё – Хитой” саммитида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб, ўзаро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.
Қайд этилдики, Марказий Осиё учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган барқарор транспорт-логистика занжиридаги жиддий узилишлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига таҳдидлар, инфляция импорти ўсиб бораётган шароитдаги ижтимоий кескинлик билан боғлиқ хавф-хатарлар ва бошқа муаммолар ўзаро амалий ҳамкорликни кучайтириш ва фаолиятни янада кўпроқ мувофиқлаштиришни талаб этади.
Яна бир муҳим масала, иштирокчи давлатлар етакчи “ақл марказлари”нинг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Таҳлил институтлари, олим ва мутахассислар стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиши лозим.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ва эришилган келишувларда камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалиги, ердан фойдаланиш, кичик ва ўрта бизнес, инфратузилмани модернизация қилиш, тиббий хизмат ва профессионал таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар бўйича тажриба алмашиш ва амалий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун зарур шароитларни шакллантиришга доир ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш тарафдори эканлиги маълум қилинди.
Президентимиз камбағалликни қисқартириш масаласига тўхталиб, унинг ечими аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти эканини қайд этиб ўтди. Шу муносабат билан Ўзбекистон аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқлар ўртасида ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларида Хитой билан ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, иқлим ўзгариши ва “яшил” энергетика бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, Хитойнинг қуёш, шамол ва гидроэнергетика, шунингдек, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситалари соҳасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳисобга олиб, муқобил энергетика бўйича яқин илмий-амалий шерикликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Муқобил энергетика соҳасида инвестициявий ва технологик ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган “Экологик тоза ривожланиш”ни таъминлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалаларига ҳам тўхталиб, “Хавфсиз Ипак йўли” концепциясини амалга ошириш мақсадида Афғонистон масаласидаги қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳим эканини қайд этди.
Ҳозирги геосиёсий зиддиятлар даврида бундай очиқ ва яқин мулоқотлар, дўстона алоқаларни янада кенгайтириш ҳамкор давлатлар учун ниҳоятда зарур ҳисобланади. Президентимизнинг саммит доирасида минтақа давлатлари раҳбарлари билан ўтказган музокараларида миллий манфаатларимиз фаол илгари сурилди ва муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, саммит доирасида Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари Қўшма баёнот имзолади, 2023–2027 йилларга мўлжалланган ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Бундан ташқари, техник-иқтисодий ҳамкорлик, ўрта таълим мактаблари салоҳиятини ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга ошириш, парранда гўштини етказиб беришда карантин ва ветеринария-санитария талаблари, Хитойга узум экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат, ваколатли иқтисодий операторлар дастурларини ўзаро тан олиш, устувор инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорлик, 2023–2024 йилларга мўлжалланган икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорликка оид битим, баённома, меморандум ва дастурлар имзоланди.
Шунингдек, электр узатиш линиялари ва нимстанциялар қуриш лойиҳасини молиялаштириш, мультимодал логистика маркази, Ўзбекистон – Хитой агросаноат ва Агроинновацион паркини, биотехнологик кластерини ташкил этиш, Ўзбекистон локомотивлари паркини янгилаш ва модернизация қилиш, “Ўзбектелеком” АКнинг телекоммуникация инфратузилмасини янада кенгайтириш, “EXEED” ва “BYD Auto Industry” компанияси билан ҳамкорликда замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш, “Ўзбекистон миллий банки” АЖ билан “Хитой Эксим банки” ва “Хитой тараққиёт давлат банки” ўртасида кредит линияларини жалб қилиш, “China Export and insurance corporation” билан ҳамкорликка доир ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Бу каби келишувлар ўзаро савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшади, албатта.
Яна бир келишув Наманган вилоятида “Норин ГЭС каскадини қуриш” ва Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Айгаин ГЭС каскадини қуриш” лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашга доир бўлди. Умумий қилиб айтганда, ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 41 ҳужжат имзоланди.
Хитойнинг “Energy INTL Group CAS CO” компанияси томонидан юртимизда қурилаётган шамол энергетикаси лойиҳаси мамлакатимиз ривожида муҳим ўрин эгаллайди. Чунки у қайта тикланадиган энергия манбасини ҳосил қилиб, қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтиради. Бундан ташқари, бу маҳаллий аҳоли учун иш жойларини тақдим этади ва иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади.
Бугун томонлар стратегик шериклик муносабатларини узлуксиз ва изчил ривожлантириш мақсадида ШҲТ ва “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга устувор аҳамият қаратяпти. Уларда икки ва кўп томонлама иқтисодий муносабатларни янада равнақ топтириш, транспорт, логистика, транзитга оид янги имкониятларни ишга солиш устуворлик касб этади.
Шу ўринда саммитга аъзо давлатлар иқтисодиётининг 2023 йил биринчи чораги кўрсаткичларига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоизга ўсганини кузатиш мумкин. Иштирокчи давлатлар ЯИМ ўсиш кўрсаткичлари ҳам бу даврда ўтган йилнинг дастлабки 3 ойига нисбатан тезлашган. Жумладан, Қозоғистонда 4,9, Қирғизистонда 4,6, Хитойда 4,5 фоизга ЯИМ ўсиши қайд этилди.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 2022 йил якунлари бўйича 17,2 фоизга ўсиб, 7,5 миллиард долларга етди. Ушбу даврда Марказий Осиё мамлакатларига экспорт 15,4 фоизга ўсиб, 3,1 миллиард долларга етган. Импорт эса 18,6 фоизга кўпайди ва 4,4 миллиард долларни ташкил этди.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини қўшни мамлакатлар билан алоҳида кўриб чиқсак. Бунда энг катта улуш Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади – умумий ўзаро савдо айланма ҳажми 4,6 миллиард доллар (ўсиш 17,9 фоиз). Шундан экспорт 1,4 миллиард доллар, импорт эса 3,2 миллиард долларни ташкил этган. Қирғизистон билан ташқи савдо айланмаси 1,3 миллиард долларни (ўсиш 32,1 фоиз) ташкил этиб, экспорт ҳажми 979,3 миллион долларга, импорт ҳажми эса 280,7 миллион долларга тенг бўлган. Туркманистон билан 926,3 миллион доллар (ўсиш 2,7 фоиз) ташқи савдо айланмаси амалга оширилиб, бунда экспорт ҳажми 194,8 миллион доллар, импорт ҳажми эса 731,5 миллион долларга тенг бўлган. Тожикистон билан бу борадаги кўрсаткич 674,4 миллион долларни (ўсиш 11,4 фоиз) ташкил этиб, экспорт ҳажми 519,9 миллион доллар, импорт ҳажми эса 154,5 миллион долларга етган. Бундан кўринадики, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасидаги энг катта улуш Қозоғистонга тўғри келади – 62 фоиз. Қирғизистон 17 фоиз, Туркманистон 12 фоиз ва Тожикистон 9 фоиздан иборат.
Агар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо айланмасига эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йил якунларига кўра экспорт-импорт операциялари 9,8 миллиард долларни ташкил этганини кўрамиз. Бу мамлакатимиз ташқи савдо айланмасида иккинчи энг яхши кўрсаткич ҳисобланди. Мазкур даврда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 20 фоизга ошди. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутиляпти.
Мутахассислар фикрига кўра, иккала мамлакатда ҳам хомашё базаси юқори. Саноат бўйича идеал кооперация яратилса, мамлакатлар ичидаги эркин бозорларни тўлдириш имконияти пайдо бўлади. Икки мамлакат ҳам логистика бўйича жуда қулай жойлашган. Хитой қуруқликдаги йўллар орқали Марказий Осиёдан Европага кўприк ўрнатиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, товарларни тезкор етказиб беришга замин ҳозирлайди.
Хитой технологик ривожланиш бўйича юқори самарадорлик намойиш қиляпти. Чин юрти билан таълим, фан ва технологияларни ҳамкорликда ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, саммит доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Шанхай университети ўртасида, Тошкент давлат шарқшунослик университети Пекин хорижий тиллар ва маданият университети ҳамда Ляонин педагогика университети билан, шунингдек, Самарқанд халқаро технологиялар университети Тяньцзинь фан ва техника университети ҳамда Шимолий-шарқ электроэнергетика университети билан илм-фан соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолади. Бу, ўз навбатида, янги билим ва илғор тажрибаларни юртимиз иқтисодиётига инвестиция қилишга ёрдам беради.
Мамлакатимиз учун энг муҳим лойиҳалардан бири “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли бўлиб, бу бизга Жанубий Осиё бозорларини очади. Умумий трансчегаравий транспорт тармоғини қуриш юртимиз транспорт алоқаси учун фойдали ҳисобланади. Экспертларнинг ҳисоб-китобига кўра, транспорт инфратузилмасидаги бу йўналиш Ўзбекистоннинг жўнатиш вақтини деярли 15 фоизга қисқартиради, бу ҳамкор давлатлар орасида энг катта қисқаришдир. Юк ташиш муддатининг қисқариши, ўз навбатида, мамлакатимиз экспортини 13 фоиздан 23 фоизгача оширади.
Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг “Бир макон — бир йўл” ташаббуси Ўзбекистоннинг савдо ва савдо йўлларини кенгайтиришга хизмат қилади. Гарчи икки давлат чегарадош бўлмаса-да, Ўзбекистоннинг жойлашуви уни мазкур ташаббусда асосий тугун нуқтаси сифатида жойлаштиради. Унинг йўналишларидан иккитаси Ўзбекистон орқали ўтади ва Ғарбда Қозоғистон ёки Жанубда Қирғизистон орқали Шарққа Хитой билан боғланади. Бу икки йўналиш Тошкентда бирлашади ва Туркманистон орқали Эрон, Ғарбий Осиё ва Ҳиндистонга етиб боради.
Иккинчиси эса Эрон портларида боғланади. Ўзбекистонлик юк жўнатувчилар Қозоғистон орқали ўтувчи яна иккита йўналиш бўйича темир йўл хизматларидан фойдаланиш орқали Европа, Кавказ ва Туркияга ҳам уланиши мумкин. Бу икки давлат ҳудуди орқали денгиз йўлига чиқувчи Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Хитойни минтақамиз билан боғлайдиган, Европа, яқин Шарқ ва Африкага олиб чиқадиган хавфсиз ва энг қисқа транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Буюк ипак йўлини қайта тиклашда Транс-Евроосиё магистрали лойиҳаси устувор аҳамиятга эга. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари эса унинг муҳим таркибий қисми бўлади.
Халқаро экспертлар эътирофича, Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев етакчилигида сезиларли иқтисодий тараққиётга эришди. Мамлакат иқтисодий ўзгаришлар бўйича улкан мақсадларни қўйди. Мамлакат ҳукумати ялпи ички маҳсулот ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш, экспорт ҳажмини эса 30 миллиард доллардан ошириш ва ялпи ички маҳсулотнинг 80 фоизини хусусий сектор ишлаб чиқаришини мақсад қилган. 2030 йил ёки ундан олдинроқ Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ўртача даромад даражаси юқори бўлган давлатга айланишни истамоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистонга саноатнинг асосий тармоқ ва инфратузилмаларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар керак. Шу маънода, Хитой билан ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиётини диверсификация қилишда муҳим рол ўйнаши мумкин.
Хитой билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича бошланган саъй-ҳаракатларнинг янги тўлқини географик жойлашув каби табиий афзалликлардан самаралироқ фойдаланиш имконини беради. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий транзит марказига айланиши ва иқтисодий ривожланишида муҳим қадамдир.
Хитойнинг Гуанчжоу ва Шанҳай шаҳарларида Ўзбекистон консуллиги очилгани икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тараққиётига қўшимча туртки беради.
Фикримизча, саммит Марказий Осиё – Хитой муносабатларининг янги режасини ишлаб чиқишга ёрдам беради ва томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даврини очади.
Ҳеч шубҳа йўқки, Марказий Осиё – Хитой ҳамжиҳатлиги минтақавий ва жаҳон тинчлиги, барқарорлиги, ривожланиши ҳамда фаровонлигига муносиб ҳисса қўшади. Шунингдек, бизнес соҳасида бозор салоҳиятини янада ривожлантиришга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Анжуман давомида амалга оширилган келишувларнинг самарали натижалари халқимиз ҳаёти ва иқтисодий ривожланишимизда муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, саммитнинг самарали натижалари яхши қўшничилик муносабатлари ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига, мамлакатларимиз ва халқларимиз равнақига хизмат қилади.
Нодир Жумаев,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор